
UFC жангчиси Nursulton Ro‘ziboyev ўзбек спортчиларини Қозоғистоннинг Octagon лигасида қатнашмасликка чақирди. Бу ҳақда “Sportnews.kz” хабар бермоқда.
Ro‘ziboyev ушбу мурожаатни Instagram саҳифасидаги жонли эфир давомида йўллаган. Спортчи Олмаотадаги Octagon лигаси матбуот анжумани олдидан содир бўлган жанжал сабаб бу қарорга келган.
Қозоғистонлик жангчи Еркабулан Тўктар ўзбек Одилахон Камолов билан тортишиб қолиб, тўсдан унга шапалоқ туширган. Ушбу ҳодиса аралаш жанг санъати мухлислари ва жамоатчилик орасида катта шов-шувга сабаб бўлди. Айримлар бу воқеа режалаштирилган ҳаракат бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Жумладан, тожикистонлик жангчи Камариддин “Камил Карате” Ҳасанов ушбу воқеа Тўктар ва Камолов ўртасидаги учинчи жангга бўлган қизиқишни ошириш учун уюштирилганини таъкидлади.
Octagon лигаси можаро юзасидан тезда муносабат билдирди ҳамда спортчиларга қатъий чора кўрди – Тўктар ва Камолов олти ойга мусобақалардан четлаштирилди.