
Узбекистон миллий терма жамоаси ва "Манчестер Сити" клуби ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов кейинги пайтларда асосий таркибда кўп кўриниб қолмаётган бўлса-да, унинг номи халқаро матбуот саҳифаларидан тушмайапти.
Айрим хабарларга кўра, "Манчестер Сити" бош мураббийи Хосеп Гвардиола 21 ёшли ўзбек футболчисини жамоадан қўйиб юборишга қарор қилган. Шу боис, клуб раҳбарияти Абдуқодирни ижарага ёки тўлиқ трансфер қилиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Унга қизиқиш билдирган клублар орасида “Ювентус”, “Барселона” ва “Тоттенхэм” каби машҳур жамоалар бор.
Бироқ, бу вазиятлар фонда мухлисларни хурсанд қилувчи янгилик ҳам пайдо бўлди. Трансферларга ихтисослашган машҳур transfermarkt.co.uk портали 21 ёшгача бўлган истеъдодли ҳимоячиларнинг жорий мавсумда трансфер суммаси энг кўп ошган ўйинчилар рейтингини эълон қилди.
Эътиборлиси, ушбу рейтингда Абдуқодир Ҳусанов иккинчи поғонани эгаллади. Ҳамюртимиз фақат "Барселона"нинг истеъдодли футболчиси Пау Кубарсидан орқада қолди. Кубарсининг трансфер нархи мавсум давомида 40 миллион евроға ошиб, айни пайтда 70 миллион еврони ташкил қилмоқда.
Абдуқодир Ҳусанов бу мавсумни Франциянинг "Ланс" клубида бошлаган ва январ ойида "Манчестер Сити"га кўчиб ўтган эди. Шунингдек, унинг трансфер қиймати 32,5 миллион евроға ўсиб, айни дамда 35 миллион еврога етган.
Бундан ташқари, “Борнмут” клубидан Дин Хёйсен ҳам трансфер суммаси кескин ошган ҳимоячилар қаторида эътироф этилди. Унинг трансфер нархи 32 миллион евроға ошган бўлса-да, Абдуқодир Ҳусанов ва Пау Кубарсидан кейин учинчи ўринда қолди.
21 ёшгача бўлган ёш ва қимматбаҳо ҳимоячиларнинг "top-10" рейтинги:
1. Пау Кубарси ("Барселона") – 70 млн евро (+40 млн);
2. Абдуқодир Ҳусанов ("Манчестер Сити") – 35 млн евро (+32,5 млн);
3. Дин Хёйсен ("Борнмут") – 42 млн евро (+32 млн);
4. Витор Рейс ("Манчестер Сити") – 30 млн евро (+30 млн);
5. Майлз Луис-Скели ("Арсенал") – 28 млн евро (+26 млн);
6. Петра Комутссо ("Фиорентина") – 25 млн евро (+24,3 млн);
7. Александро Балде ("Барселона") – 60 млн евро (+20 млн);
8. Арчи Грей ("Тоттенхэм") – 35 млн евро (+17 млн);
9. Ренату Вейга ("Ювентус") – 18 млн евро (+15 млн);
10. Милош Керкез ("Борнмут") – 35 млн евро (+15 млн).
Эслатиб ўтамиз, "Манчестер Сити" Абдуқодир Ҳусановни "Ланс" клубидан 40 миллион евро эвазига трансфер қилган эди. Ўзбекистонлик футболчи "Манчестер Сити" билан 2029 йил 30 июнигача шартнома имзолаган. Абдуқодир Ҳусанов жамоа таркибида жорий мавсумда жами 9 та ўйинда иштирок этиб, ўз ҳисобига битта гол ҳам ёздириб қўйган.